Ру En O'z
27 Сентябрь 2021 1722

Мадинабону Парпиева: “Давлатимиз бизга энг кучли тренерларни олиб келмоқда”

Хабарингиз бор, 25-26 сентябрь кунлари пойтахтимизда қиличбозликнинг рапира йўналиши бўйича “Satellite” турнири бўлиб ўтди. Рапира қуролида ўтган ушбу мусобақада 4 нафар қиличбозимиз бронза медалига сазовор бўлди. Улар орасида Мадинабону Парпиева ҳам совриндорлар қаторидан жой олди. Қуйида ушбу спортчимизнинг мусобақа таассуротлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашамиз:

“Биринчи беллашувда ўзимнинг хатоларим сабаб қийин вазиятга тушиб қолдим. Қозоғистонлик рақибамга қарши баҳсда 9:14 ҳисобида ортда бораётган эдим. Кейин ўзимга келиб олдим ва 15:14 ҳисоби билан ғалаба қозондим. Узоқ вақт машғулот олиб бормаганимни ҳисобга олса, ёмон натижа эмас. Ярим финалда мендан устун келган италиялик қиличбоз ҳақиқатда жуда кучли спортчи экан. Жамоамизда рапира бўйича кучли мураббий келди. Давлатимиз бизга дунёнинг шундай кучли тренерларини олиб келаётган экан, биз бундан унумли фойдаланишга, ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берамиз”, – деди Парпиева.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақа орқали қиличбозларимиз жаҳон рейтинги учун қимматли очколарини жамғариб олишга муваффақ бўлдилар. Спортчиларимизнинг келгуси фаолиятида уларга омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Text to speech