Ру En O'z
26 Сентябрь 2021 1990

Сув полоси. Ўзбекистон чемпионатида ғолиблик мезбонларга насиб қилди

Наманган шаҳрида сув полоси бўйича эркаклар жамоалари ўртасида мамлакат чемпионати бахслари якунига етди. Қарийиб бир ҳафта давом этган мазкур мусобақада жами 8 жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Бугун чемпионатнинг сўнгги куни медаллар ҳамда 4-8 ўринлар учун учрашувлар бўлиб ўтди.

Дастлаб, қуйи ўринлар учун баҳслар ўтказилди. Шундан сўнг совринли ўринлар учун беллашувлар бошланди. 3-ўрин учун кечган бахсда Тошкент шаҳри жамоаси Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоасини 11:10 ҳисобида енгиб, бронза медали совриндори бўлишди.

Ўзбекистон чемпионатининг ғолиблиги учун Наманган вилояти ҳамда Наманган шаҳридаги ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоалари ўзаро куч синашдилар. Мазкур ўйин ҳам бир тўп фарқи билан 17:16 ҳисобида Наманган вилояти жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Шундай қилиб, қизғин кечган чемпионат якунига кўра, Наманган вилояти сув полочилари Ўзбекистон чемпионидек шарафли номга сазовор бўлишди. Мусобақа сўнггида барча ғолиб ва совриндорларга медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech