Самарқандда замонавий дзюдо комплекси фойдаланишга топширилди
Бугун Самарқанд шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамда мамлакат дзюдо федерацияси ҳамкорлигида бунёд этилган ва барча замонавий талабларга жавоб берувчи ихтисослаширилган дзюдо залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Байрамона тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуруллаев, терма жамоамиз бош мураббийи Илиас Илиадис бошчилигидаги дзюдочиларимиз иштирок этди.
Ушбу зал барча замонавий талабларни инобатга олган ҳолда бунёд этилган бўлиб, эркаклар ва аёллар кийиниш хоналари, душ, автоном иситиш тизими ва юқори сифатли татамилар билан жиҳозланган.
«Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга раҳмат айтмоқчиман. Эркинжон Оқбўтаевичнинг қўллаб-қувватлаши билан вилоятда олимпия оиласига мансуб дзюдо яккакураши ҳам бошқа спорт турлари қатори янада оммалашиб, вилоят дзюдочиларининг ички ҳамда халқаро мусобақаларда кўрсатаётган натижалари таҳсинга лойиқ бўлиб бормоқда. Давлат Бобонов, Муҳаммадкарим Хуррамов, ака-ука Сардор ва Кемран Нуриллаевлар, Диёра Келдиёрова сингари дзюдочилар Самарқанд вилояти тарбияланувчилари ҳисобланишади. Ишончимиз комил, бу муваффақиятлар бардавом бўлади. Азиз устозлар, ўқувчилар ушбу кўркам зал сизларга муборак бўлсин!», – деди Азизжон Камилов.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифи чоғида енгил конструкцияли (сендвич-панелли) спорт иншоотларини қуриш бўйича кўрсатма берилган эди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида бошланган бу хайрли ишлар ана шу ислоҳотларнинг амадаги ифодаси бўлмоқда. Йил сўнггига қадар яна бир нечта вилоятда худди шундай енгил конструкцияли ихтисослаштирилган дзюдо заллари фойдаланишга топширилади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати