ЎФА раҳбариятига сайлов ўтказилди
Бугун МОҚ мажлислар залида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбариятига сайлов ҳам ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, ЎФА раиси Абдусалом Азизов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Сакен Полатов, Ассоциация мутасаддилари ва таркибий қисм вакиллари, мураббийлар иштирок этишди.
Даставвал ЎФА бош котиби Аваз Максумов ташкилот фаолияти ҳақида ҳисобот берди ва кун тартиби билан барчани таништирди. Кўпчилик учун аҳамиятли бўлган ЎФА раҳбариятига сайлов натижаларига кўра, Абдусалом Азизов ва Равшан Ирматов ўз лавозимларига яна бир бор сайланишди. Шунингдек, ЎФА вице-президенти лавозимига Азизбек Икрамов сайланди.
“Аввало, юксак ишонч билдириб, яна 4 йил муддатга сайлаганинглар учун барчага раҳмат айтаман. Сўнгги давр ОФК ва ФИФА ёрдамида футболимиз ривожланиши учун ишладик. Аммо миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмагани ишимизда камчиликлар борлигини кўрсатиб турди. Олдимизда Париждаги Олимпиадага чиқиш вазифаси турибди. 2026 йилги мундиалга ҳам чиқиш Сречко Катанец бошчилигидаги мураббийлар штаби олдига вазифа қилиб қўйилди. Бундан ташқари миллий чемпионатимиз савиясини ошириш, жамоалар атрофидаги қинғирликларни йўқотиш керак”, – деди Абдусалом Азизов.
Тадбир давомида Ассоциациянинг Ижроия қўмитаси таркибига 9 нафар вакил ҳам сайлаб олинди. Шу тариқа, ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси ўз ишини якунлади.