Ана энди аниқ ЖЧ эшиклари очиқ
Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги иштирокини муваффақиятли якунлади. Бу гал вакилларимиз аниқ мундиал йўлланмасини қўлга киритишди.
ЖЧга сўнгги ўрин 5-поғона учун кечган беллашувда қизларимиз гонконглик рақибаларига қарши майдонга чиқишди. Ўта кескин ва муросасиз кечган баҳс ҳамюртларимизнинг 28:25 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Иорданияни мағлуб этиб, олтиликка кирган жамоамиз ЖЧга йўлланма олиши керак эди. Бироқ Халқаро гандбол федерацияси ушбу мусобақа учун ажратилган квотани бештага қисқартиргач, Испания майдонларида ўтадиган чемпионат учун яна бир ғалаба қозонишимиз лозим бўлди. Таъкидлаш жоиз, қизларимиз гуруҳ босқичи доирасида гонконглик қизларга имкониятни бой беришган эди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси гандболчи қизларимизни, Ўзбекистон гандбол федерацияси ва барча мухлисларимизни ушбу муваффақият билан қутлайди.