Ру En O'z
25 Сентябрь 2021 1966

Гандболчи қизларимиз ЖЧ йўлланмасини ҳали қўлга киритмадими?

23 сентябрь куни гандбол бўйича Осиё чемпионатининг 5-8-ўринлар учун кечадиган босқичида Иорданиядан устун келган қизларимиз жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ кейинчалик регламентга ўзгартириш киритилгани маълум бўлди. Бу вазиятга Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхаликов изоҳ берди:

“Мусобақа аввалида белгиланган регламентга кўра, кучли олтиликка кирган жамоалар шу йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олишар эди. Бироқ Иордания билан ўтган ўйинимиз куни Халқаро гандбол федерацияси регламентга ўзгартириш киритган ва ушбу мусобақада иштирок эта олмаётган Хитой жамоасига жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун имтиёзли йўлланма (wild card) берган. Бунга сабаб сифатида Осиё чемпионатида иштирок этиши керак бўлган 12 жамоадан бири (Қатар) турнирда қатнашмагани кўрсатилган. Шу боис, Осиё учун ажратилган 6 ўриндан бири Хитойга ўтди. Демак, ЖЧда иштирок этиш учун яна бир ғалаба керак бўлади бизга. Бу билан жамоадаги муҳит ўзгаргани йўқ. Қизларимизда ўзларига бўлган ишонч кучли. Гонконгни мағлуб этиб, йўлланма масаласини ҳал қиламиз”.

Осиё чемпионатининг бешинчи ўрини, амалда ЖЧ йўлланмаси учун кечадиган Ўзбекистон ва Гонконг жамоалари ўртасидаги баҳс бугун Тошкент вақти билан 15:00 да бошланади. Бўлажак баҳсда жамоамизга омад тилаймиз.

Text to speech