Ру En O'z
24 Сентябрь 2021 1189

Қиличбозликда жамоавий лицензия олиш – асосий вазифамиз

“Қиличбозларимизнинг Токио-2020 Олимпиадасига спортимиз тарихида илк бор 3 та лицензия олишгани олдинга ташланган катта қадам бўлди. Бироқ бу билан тўхтаб қолмаймиз”.

МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов қиличбозларимизнинг Токио-2020 Олимпиадасидаги иштирокига бағишланган йиғилишда шу фикрларни илгари суриб ўтди. ЎзДЖТСУ қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори, профессор Рашид Маткаримов, Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари ва мураббийлари билан ўтган учрашувда бир қатор истиқболли режалар муҳокама қилиб олинди.

“Ҳа, маълум ютуқларимиз бўлди. Илк бор ушбу спорт турида 3 та лицензия олганимиз, 18 ёшли қизимизнинг кучли саккизликдан жой олгани улкан натижа. Бироқ бу билан тўхтаб қолмаймиз. Президентимиз 13 август куни Олимпиячиларимизни қабул қилганларида ҳар бир федерациянинг иштирокини танқидий кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган эдилар. Шу боис бугун фаолиятимизга шу жиҳатдан назар ташлаймиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Учрашувда лицензия олинмаган йўналишларнинг фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, уларни ривожлантириш дастурлари муҳокама қилинди. Қиличбозлик спортида жамоавий йўналишда лицензия олган мамлакатлар тўғридан тўғри яккалик дастурида 4 та йўлланмага эга бўлади. Шу боис Париж-2024 Олимпиадасида асосий эътибор жамоавий йўлланмаларга қаратилиши таъкидланди. Шунингдек, йиғилишда селекция ишларига янада катта аҳамият қаратиш, кучли жамоалар, хусусан, Европа вакиллари билан ўқув-машғулот йиғинларини кўпроқ ўтказиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Text to speech