Гандболчи қизларимиз Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди
Иорданияда ўтказилаётган гандбол бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатидан хушхабар.
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ўтказилаётган босқичда мезбон Иорданияни мағлуб этиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой кечган беллашувда қизларимиз 34:26 ҳисобида ғалабага эришдилар.
Таъкидлаш жоиз, бу ғалаба жамоамизнинг кучли олтиликка киришини таъминлади. Регламентга кўра, қитъа биринчилигида 1-6-ўринларни қўлга киритган жамоалар шу йил Испанияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу билан Ўзбекистон аёллар гандбол жамоаси ўз тарихида иккинчи бор мундиалда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу натижа билан Ўзбекистон гандбол федерацияси ва терма жамоамизни табриклайди!