Ру En O'z
22 Сентябрь 2021 1846

Ёш замонавий бешкурашчиларимиз билан Париж-2024 Олимпиадасига тайёрланамиз

Токио-2020 таҳлили ва янги режалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилаётган йиғилишлар давом этади. Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг режалари муҳокама қилинди.

МОҚ раҳбарияти билан ўтган тадбирда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, федерация бош котиби Ксения Гулямова, Спортнинг қишки ва мураккаб турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби раҳбарияти, терма жамоамизда фаолият олиб бораётган россиялик мураббий Вадим Чудновский иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, замонавий бешкураш Олимпия ўйинларида спортимиз географиясини кенгайтириб берган спорт тури. Ўзбекистон Республикаси Президенти 13 август куни Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларимизни қабул қилар экан, Париж-2024 Олимпиадасига маҳаллийлаштирилган атлетлардан воз кечиш ҳақида топшириқ берган эди. Бугунги йиғилишда ҳозирги ёш авлод спортчиларимиз билан Париж Олимпиадасига тайёрланиш асосий мақсад экани таъкидланди.

“Агар биз ўзимизни чуқур таҳлил қилмасак, катта ўсишга эриша олмаймиз. Токиодаги йўлланма учун спортчиларимизга раҳмат. Бироқ Парижга бундай ёндашиш хато. Бешкурашчиларимиз Токиода 30 ва 32-натижаларни кўрсатишди. Бу Олимпиадага олиб борган тайёргарлигимизни кўрсатиб берди. Энди ўзимизнинг ёш спортчиларимизни жаҳон ареналарида тайёрлаб боришимиз лозим”, – деди МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилишда терма жамоамиз вакиллари шуғулланишлари учун марказий база қуриш, барча вилоятларда федерация бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш каби асосий масалалар муҳокама қилинди.

Text to speech