Муаммога ечим топилмоқда
МОҚ раҳбариятининг федерация ва ассоциацияларимиз билан Токио-2020 якунлари ва келгуси режалар бўйича олиб бораётган таҳлилий муҳокамалари давом этмоқда. Бугун ана шундай тадбир Ўзбекистон гимнастика федерацияси билан ўтказилди.
Унда Қўмита раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Руслан Мустаев, ЎзДЖТСУ қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори, профессор Рашид Маткаримов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Азиз Умаралиев, федерация мутасаддилари ва мураббийлар иштирок этишди.
Токио-2020 цикли давомида олиб борилган ишлар, сарф-харажатлар ва Олимпиададаги иштирокка бағишланган тақдимот билан барчани Руслан Мустаевнинг ўзи таништирди. Йиғилишда кўтарилган асосий масала эса навбатдаги циклдаги асосий муаммо – гимнастикачиларимизнинг шуғулланиши учун асосий базанинг йўқлиги бўлди. Боиси Гимнастика саройида айни дамда коронавирус ва пневмания билан касалланган ҳамюртларимизга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Келаси йил шу куни эса Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ўтаётган бўлади, яна 3 йилдан сўнг Париж-2024 Олимпиадаси. Уларда муносиб иштирок этадиган жамоани шакллантириш учун спортчилар тез фурсатда ўқув-йиғин машғулотини бошлаши талаб этилади.
“Ҳозир бадиий гимнастика йўналиши бизда катта муаммолардан бири бўлиб турибди. Айниқса, гуруҳ машқи дастурида. Бу йўналишда Осиё ўйинларида улардан олтин медаль кутмоқдамиз. Токио-2020 Олимпиадасида қатнашган қизларимиз катта спортдан кетишаётганларини маълум қилишди. Янги авлодни жипслаштириб, чемпионлик даражасига олиб чиқиш учун кеч қолмоқдамиз”, – деди Руслан Мустаев.
Ўз навбатида, МОҚ раҳбари спортчиларимизни вақтинча хорижда шуғулланиш учун халқаро йиғинга жўнатиш таклифини илгари сурди:
“Давлатимиз раҳбари спортчиларимиз учун ҳамиша энг яхши қулайликларни яратиб беришга ҳаракат қилганлар. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бу вазиятда бир таклиф бор: келинглар, янги шаклланаётган жамоани аввалги қизларимиз шуғулланган Москвадаги бадиий гимнастика базасига жўнатсак. Уларнинг шаклланиб олишлари учун бу жуда катта фойда бўлади, деб ўйлайман. Агар Сизларда бошқа таклифлар бўлса, кўриб чиқишга тайёрмиз”.
Федерация мутасаддилари МОҚ раҳбарининг ушбу таклифини қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, йиғилишда барча йўналишга хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, янги Олимпиада циклидаги тайёргарлик стратегиясини тўлиқ ишлаб чиқиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.