Шаҳрам Аҳадов ва Нияз Пулатовни табриклаймиз!
Бугун ўзбек спортининг икки ёш вакиллари дзюдочи Шаҳрам Аҳадов ва таэквондочи Нияз Пулатов таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Шаҳрам Аҳадов 1996 йил дунёга келган. Шаҳрам дзюдо оламига ёрқин ғалабалар билан кириб келди. Ўзининг дастлабки халқаро мусобақаси 2018 йил январь ойида Тунисда ўтган Гран-при турнирига тўғри келади ва дебютни олтин медаль билан нишонлайди. Аҳадов фаолияти давомида Тбилиси, Тошкент, Будапешт Гран-приларида учинчи ўринни қўлга киритган.
Нияз Пулатов 1998 йил туғилган. Таэквондо бўйича -58 кг вазн тоифасида иштирок этади. 2017 йил Боку шаҳрида ўтган Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби, шу йил Ашхободда ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари совриндори. 2018 йил Осиё ўйинлари финалчиси ва шу йилнинг ўзида Вьетнамда ўтган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. 2019 йил Наполидаги Бутунжаҳон талабалар Универсиадасида кумуш, Ухандаги ҳарбийлар ўйинида эса бронза медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки ёш спортчимизни таваллуд куни билан табриклаб, уларга узоқ умр, саломатлик, улкан ғалаба ва муваффақиятлар тилаб қолади.