Ру En O'z
21 Сентябрь 2021 1798

Токио-2020 таҳлили: Диққатимиз марказида спорт курашлари

Маълум қилганимиздек, Токио-2020 Олимпия ўйинларида қатнашган терма жамоаларимизнинг иштирокини таҳлил қилиш, Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларига қаратилган йиғилишлар давом этмоқда. Бугун спорт курашлари бўйича полвонларимизнинг чиқиши муҳокама қилинди. Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев бошчилигидаги терма жамоа мураббийлари билан курашчиларимизнинг иштироки таҳлил қилинди. Ассоциация мутасаддиларининг маълум қилишича, Олимпия ўйинларидан сўнг ҳар бир йўналишда (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши) вазият чуқур ўрганилиб, тегишли хулосалар чиқарилган. Унга кўра, аёллар курашида мураббийлар штаби тўлиқлигича ўзгарган. Эркин ва юнон-рум курашида жами 5 нафар маслаҳатчи мураббийнинг хизматига эҳтиёж йўқлиги маълум бўлган.

“Олимпиададан сўнг ўзимиз иштирокимизни алоҳида таҳлил қилдик ва камчиликларимизни кўриб чиқдик. Йигитларимиз билан ишлаган Адҳам Очилов энди аёллар жамоасини бошқаради. Бу йил асосий эътиборимиз Сербияда ўтадиган 23 ёшгача бўлган тоифадаги жаҳон чемпионатига қаратилади. Боиси ушбу ёшдаги курашчиларимиз Париж-2024 Олимпиадаси учун асосий даъвогар бўлади. Уларнинг халқаро мусобақаларда тажриба олиши жуда муҳим”, – деди Шуҳрат Мамадалиев.

Шунингдек, йиғилиш давомида хорижлик маҳаллийлаштирилган спортчилардан имкон қадар воз кечиш, бунинг ўрнига чекка ҳудудлардан иқтидорли ёшларни саралаб олишга катта аҳамият қаратиш, спорт тиббиёти ва психология йўналишлари бўйича тажриба орттириш каби масалалар юзасидан топшириқлар берилди.

Text to speech