Мерганларимиз Осиё чемпионатини 21 та медаль билан 2-ўринда якунлашди
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўқ отиш спорти бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Унда иштирок этган терма жамоамиз муваффақиятли қатнашиб, 21 та медалга сазовор бўлди.
Мусобақа ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ташкил этилди. Унда қитъамизнинг 300 нафардан ортиқ сара мерганлари баҳс олиб борди. Якунда жамоамиз 5 та олтин, 11 та кумуш ва 5 та бронза медалларига сазовор бўлди.
Янада аҳамиятлиси, бу медаллар билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритдик. Вакилларимиз орасида Нигина Саидқулова 2 та олтин, Александра Давидова 1 та олтин ва 1 та кумуш, Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси Мухтасар Тоҳирова 2 та кумуш медалларини қўлга киритди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирок билан терма жамоамиз спортчиларимизни табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида ҳам омад ва зафарлар тилаб қолади.