Футзалчиларимиздан тарихий ғалаба
Литвада ўтказилаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоамиз тарихий ғалабага эришди. Йигитларимиз 3-турда мисрлик рақибларини мардонавор мағлуб этиб, 1/16 финал масаласини ҳал этишди.
Муросасиз курашларга бой бўлган учрашувда жамоамиз 2:1 ҳисобида устун келди. Шу тариқа гуруҳда 3 очко қўлга киритган Ўзбекистон термаси тўплар нисбатига кўра энг яхши натижа билан иккинчи поғонани банд этди ва 1/16 финал масаласини ҳал қилди. Энди йигитларимиз чорак финал йўлланмаси учун 24 сентябрь куни Эрон – Аргентина ўртасидаги баҳс мағлубига қарши майдонга тушади.
Яна бир аҳамиятли томони бу футзалчиларимизнинг жаҳон чемпионатларидаги илк ғалабаси бўлиб тарихга кирмоқда. Унинг плей-офф босқисига йўл очгани эса янада унутилмас бўлиб қолди. Жамоамизга кейинги босқичда ҳам омад тилаб қоламиз.