Ру En O'z
18 Сентябрь 2021 1786

Ханчжоу-2022, Париж-2024: Тайёргарлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича йиғилиш ўтказилди

Бугун ZOOМ платформаси орқали Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарликни янада кучайтириш бўйича онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт раисининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов, федерация ва ассоциацияларнинг мутасаддилари, мураббийлар иштирок этишди.

Тадбирни Шерзод Ташматов олиб борди ва мазкур мусобақаларга кўриладиган тайёргарликнинг босқичлари, режалар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Токио-2020 якунланди ва у тарих бўлиб қолди. Энди кейинги Олимпия ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз лозим. Боиси Париж-2024 га 3 йилдан камроқ вақт қолди. Шунингдек, келгуси йил Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳозир ёшларимизнинг кўпчилик спортчи бўлишни исташмоқда. Сабаби Президентимиз спортчиларимизга катта мотивация бермоқдалар. Биз бундан унумли фойдаланишимиз, билдираётган ишончларини оқлашимиз лозим”, – деди Шерзод Ташматов.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўйин спорт турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорат мактаби директори Жасур Акрамов Вазирлик ва Қўмита раҳбарияти билан замонавий спорт тиббиёти, методикаси, менежменти каби йўналишларда халқаро тажрибаларни ўрганиш, унинг сўнгги ютуқларини таҳлил қилиш каби йўналишлар бўйича фикр алмашишди. Қолаверса, жамоавий спорт турларига бўлган эътиборни янада кучайтириш мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этган мураббийлар мусобақада йўл қўйилган камчиликлар, хатолар ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Таъкидлаш жоиз, 2022 йил спортчиларимизни бир қатор йирик комплекс мусобақалар кутиб турибди. Жумладан, март ойида Таиландда Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, августда Туркияда Ислом бирдамлиги мусобақаси, сентябрь ойида Хитойда Осиё ўйинлари ва декабрда ёшлар Осиё ўйинлари кутиб турибди. Шубҳасиз, мазкур мусобақаларга юқори даражадаги тайёргарлик талаб этилгани боис, 2022 йил олдимизда масъулиятли турнирлар турибди. Якунда Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси бўйича ўз режасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.

Text to speech