Ру En O'z
17 Сентябрь 2021 1827

Ўзбекистон ва БАА регби федерациялари ҳамкорлик меморандумини имзолашди

Эртага Тошкентда регби-7 бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Бугун мусобақа бошланишидан аввал Ўзбекистон ва БАА регби федерациялари ўртасида ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

МОҚда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев, Қўмита раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, БАА регби федерацияси президенти Шайх Муҳаммад бин Мактум бин Жума Ал Мактум, Осиё регби федерацияси президенти, БАА регби федерацияси вице-президенти Қайс Абдулла Ал Дхалай иштирок этишди.

Томонлар даставвал тор доирада ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилишда қатнашдилар.

“Авваламбор, Сизларни юртимизда кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратадилар. Спортчиларимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларида умумжамоа ҳисобида 32, Паралимпия ўйинларида эса 16-ўринни эгаллашди. Туризм ва спорт вазирлиги билан юртимизда соғлом турмуш тарзи ва профессионал спортни ривожлантириш бўйича ҳамжиҳатликда фаолият олиб борамиз. Режаларимиз орасида регби спортини юртимизда янада ривожлантириш мақсади бор, албатта”, – деди МОҚ раҳбари.

Шунингдек, суҳбатда ҳар икки мамлакат ўртасидаги самимий алоқаларни спорт соҳасида ҳам ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш каби истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Учрашувдан сўнг МОҚ Мажлислар залида ҳар икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири бўлиб ўтди.

“Биз биргаликда улкан режаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ривожланиш йўлида ўзаро тажриба алмашишимиз жуда муҳим. Биргаликда мана шундай ҳамкорликни йўлга қўяётганимиздан мамнунмиз. Ишонамизки, дини, маданияти ўзаро туташган ҳар икки томон бундан манфаатдор ва хурсанд”, – деди Содиқ Сафоев.

Тадбир якунида Ал Мактум жаноблари ҳам ушбу ҳамкорликдан мамнун эканлигини, мамлакатимизга амалга оширган илк ташрифи унда илиқ таассурот қолдираётганини алоҳида айтиб ўтди.

Text to speech