Ру En O'z
15 Сентябрь 2021 2129

Осиё ўқ отиш конфедерацияси президенти Шайх Салмон Ал Сабаҳ МОҚга ташриф буюрди

Бугун Осиё ўқ отиш конфедерацияси президенти Шайх Салмон Ал Сабаҳ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов қарши олишди.

Даставвал МОҚ раҳбарияти меҳмонларни Қўмита фаолияти билан яқиндан таништиришди ва уларга ўзбек спортининг шонли тарихи ҳақида гапириб беришди. Шундан сўнг режа бўйича, бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Қайд этиш жоиз, Ал Сабаҳга ушбу конфедерация Бош котиби Дуайж Ал Отайби ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раиси Ойбек Норинбоев ҳам қатнашди. Сўз аввалида Рустам Шоабдураҳмонов Ал Сабаҳнинг ташрифидан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

“Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Сиздек меҳмонни қабул қилишдан мамнун. Ушбу ташрифингиз миллий федерациямиз билан Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот ўртасидаги илиқ муносабатни янада мустаҳкамлайди, деб ҳисоблаймиз. Ҳурматли Президентимизнинг юртимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва спортга қаратаётган эътиборлари жуда катта. У кишининг қўллаб-қувватлаши билан Тошкент вилоятида замонавий ўқ отиш маркази барпо этилмоқда. Ишонамизки, бу марказнинг келгусида фойдаланишга топширилиши ушбу спортда янги чемпионларимизни кашф қилишимизда катта туртки бўлади”, – деди МОҚ раҳбари.

Ўз ўрнида мартабали меҳмон ҳам янги ғоя ва режаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдириб ўтди.

“Авваламбор, мени илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур айтаман. Ўзбекистонда бўлиш мен учун шараф. Илк бор 2006 йил мамлакатингизга келган эдим. Ҳозир Ўзбекистоннинг тараққиёти улкан даражада ўсган. Дарҳақиқат, қурилаётган янги ўқ отиш маркази менда илиқ таассурот қолдирди. Унинг имкониятлари ҳар томонлама юқори эканини билиб олиш қийин эмас. Келгусида ўзбекистонлик спортчи ва мураббийларнинг малакаларини ошириш учун ёрдам беришга тайёрмиз”, – деди Ал Сабаҳ жаноблари.

Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида мамлакатимизда ўқ отиш спортини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, Тошкентда кўплаб халқаро тадбирларни ташкил этиш каби истиқболли масалалар муҳокама қилинди. Тадбир якунида меҳмонларга МОҚнинг эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech