Ру En O'z
10 Сентябрь 2021 1800

Татаристон Президенти Ўзбекистон делегациясини қабул қилди

9 сентябрь куни Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов Қозон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовни қабул қилди.

Унда Татаристон томондан Республиканинг бир қатор юқори мартабали вакиллари, Ўзбекистон томонидан мамлакатимизнинг Татаристондаги Бош консули Фарид Насриев, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бабаджанов иштирок этди.

Самимий суҳбатда Рустам Минниханов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Татаристон Республикаси билан ҳамкорликка бўлган эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирди.

«Бизнинг ўзаро алоқаларимиз ва қўшма лойиҳаларимиз Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Икки мамлакат президентлари томонлараро муносабатларни янада ривожлантириш учун барча шароитларни яратишда давом этиш муҳим деб ҳисоблайдилар», – деди Татаристон Республикаси Президенти.

Шу билан бирга, Рустам Минниханов жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳамда Ўзбекистон Президенти билан учрашувини илиқлик билан ёдга олди. Татаристон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳларга яққол сезилаётганини алоҳида қайд этди.

Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, Ўзбекистон-Татаристон ўртасида кўп томонлама, хусусан туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳақида сўз юритди ва бунда халқаро тадбирларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади.

Text to speech