Қозонда совриндор бўлган белбоғли курашчиларимиз тақдирланишди
Қозон шаҳрида ўтказилаётган биринчи МДҲ ўйинларида делегациямиз қўлга киритаётган муваффақиятларда белбоғли курашчиларимизнинг ҳам ўрни бор. Бугун МОҚда ушбу мусобақа ғолиб ва совриндорлари қаторидан жой олган белбоғли курашчиларимизни тақдирланиш маросими ва кураш бўйича Руминияда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтадиган халқаро мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг ўринбосари Эркин Йўлдошев очиб берди ва белбоғли курашчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, ўзининг илиқ тилакларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг Қозонда муваффақиятга эришган белбоғли курашчиларимиз ва соҳани ривожлантириш йўлида самарали меҳнат қилаётган мураббийлар, федерация мутасаддилари, ОАВ вакилларига эсдалик совғалари топширилди. Таъкидлаш жоиз, белбоғли курашчиларимиз Қозонда 7 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, делегациямизнинг юқори поғонага кўтарилишларида муносиб ҳисса қўшдилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида 10-13 сентябрь кунлари Руминиянинг Констанца шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган халқаро мусобақага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мутасаддиларнинг маълум қилишларича, ушбу турнирда полвонларимиз иштирок этишмайди. Бунга қуйидагича изоҳ берилди:
“Мусобақа мутлақ вазн тоифасида бўлади. Бизнинг кўплаб маҳоратли полвонларимиз бор. Ишончимиз комилки, уларни олиб борадиган бўлсак, вакилларимиз совринли ўринларни банд этишади. Бизнинг мақсадимиз курашни бутун дунёга тарғиб қилиш экан, ҳамма мусобақага полвонларимизни қўявермаслигимиз керак”, – деди МОҚнинг кураш миллий спорт турини ривожлантириш бўлими бошлиғи Камол Усмонов.
Анжуман давомида журналистлар шу ва бошқа мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.