МОҚ раҳбарияти ва Олимпиячиларимиз ЎзЛиДеПга аъзо бўлишди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ЎзЛиДеП билан ҳамкорлиги давом этади. Бугун МОҚ раҳбарияти ва бир нечта таниқли Олимпиячиларимизга ушбу партияга аъзолик нишонлари топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров, Партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Равшан Фозилов ва унинг ўринбосари Бобур Расулов, гимнастика бўйича Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони Оксана Чусовитина, таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов, шунингдек, яна бир қатор таниқли спортчиларимиз қатори федерация ва ассоциациялар мутасаддилари иштирок этишди.
Тадбирда ЎзЛиДеп вакиллари ўзаро ҳамкорлик ва истиқболли режалар ҳақида гапириб ўтишди.
“Аввало, Сизларни Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги муваффақиятингиз билан самимий қутлашга ижозат бергайсиз. Сизлардек чемпионларимиз партиямизга аъзо бўлишлари биз учун шараф. Миллий Олимпия қўмитаси билан тузилган меморандумимиз асосидп бир қатор режаларни амалга оширмоқдамиз. Партиямиз ташкил топгандан бери доимо сайловларда ғалаба қозониб келган. Бу халқимизга ёқадиган ғояларни бериб келаётганимиздан. Эртага Президентимиз Шавкат Мирзиёев навбатдаги съездимизда янги режаларимиз ҳақида ўртоқлашадилар”, – деди Дилшод Шоумаров.
Шундан сўнг Рустам Шоабдураҳмонов ва Равшан Ирматов, шунингдек, бир қатор таниқли спортчиларимиз, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси мутасаддиларига ЎзЛиДеПга аъзолик нишонлари топширилди.
Тадбирда Рустам Шоабдураҳмонов ҳам сўз олиб, давом этаётган изчил ҳамкорлик, давлатимиз раҳбарининг спортга қаратаётган эътиборлари хусусида гапириб ўтди. Шундан сўнг ЎзЛиДеП раҳбариятига МОҚнинг эсдалик совғалари топширилди.