Биринчи МДҲ ўйинларига тайёргарлик авжида
4-11 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги вакиллари ўртасида илк бор спорт ўйинлари ташкил этилади. Унда МДҲга аъзо 10 та (Россия, Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) давлатдан жами 2 000 нафар иштирокчи (шундан 1 500 нафари спортчи) иштирок этиши кутилмоқда. Спортчиларнинг ёши 14 дан 23 гача бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.
Биринчи МДҲ ўйинлари дастуридан спортнинг 16 та тури, яъни бокс, стол тенниси, эркин ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш, корэш, самбо, дзюдо, муай-тай, каратэ, баскетбол, ўқ отиш, бадминтон, футбол, рақс спорти ва бадиий гимнастика ўрин олган бўлиб, иштирокчилар 182 та медаллар жамланмаси учун курашади. Баҳсларни 400 нафар ҳакам бошқариб борса, ўйинларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун 10 000 нафар волонтёрлар жалб этилиши режалаштирилган.
Ҳозирда делегациямизда қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу борада МОҚда бир қатор ташкилий масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда, шунингдек, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари, терма жамоа мураббийлари иштирок этишди.
Тадбирда Ойбек Касимов Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда мазкур мусобақада делегациямиз учун Олимпия шаҳарчасида ажратилган ҳудудни безатиш, олиб бориладиган керакли жиҳозлар, ташкилий қўмита томонидан жорий этилган тартиблар ҳақида батафсил гапириб ўтди. Таъкидлаш жоиз, бу мусобақа ёш спортчиларимиз учун олдинда турган Шантау-2021 ёшлар Осиё ўйинлари, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари олдидан катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
Биринчи МДҲ давлатлари ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси таркиби 240 нафарни ташкил қилиб, вакилларимиз 15 та спорт туридан баҳсларда иштирок этади. Спортчиларимиздан 55 нафарини яккакураш турлари вакиллари ташкил этади.