“Anhor.uz” сайтининг “Нега Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси жим турибди” номли мақоласига расмий муносабат
29 август санасида “аnhor.uz” сайтида “Нега Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси жим турибди” номли мақола чоп этилиб, унда Токио-2020 Олимпия ўйинларидан олдин юзага келган вазият ва унинг якунлари бўйича бир қатор ҳолатларга ойдинлик киритиш сўралган. Аввало, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботидаги фаоллиги учун “anhor.uz” сайтига миннатдорчилик билдиради. Ўз навбатида, ушбу сайтда чоп этилган материал юзасидан расмий муносабатини эълон қилади.
Жумладан, ушбу мақолада Олимпиада олдидан сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионати ва кубоги мусобақаларида юз берган вазият, Олимпия ўйинларининг очилиш маросимидан аввал байроқдорлик Оксана Чусовитинадан бошқа спортчига берилиши, унинг ХОҚ Атлетлар комиссиясига сайланмагани, Олимпия ўйинларида қатнашган федерацияларнинг иштироки бўйича таҳлилий материал эълон қилинмаётгани юзасидан фикрлар билдирилган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси сузиш бўйича мамлакатимизда ўтган лицензион мусобақалар юзасидан 18 июль куни расмий баёнот эълон қилган эди (http://olympic.uz/oz/81444) ва унда ўз позициясини билдириб, Ўзбекистон сузиш федерацияси президиумидан федерация бош котибини ўз лавозимидан вақтинча четлатилишини, Туризм ва спорт вазирлиги, МОҚ, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Ўзбекистон сузиш федерациясидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, вазият чуқур ўрганилишини талаб қилган. Бу бўйича ишчи гуруҳ жорий йил сентябрь ойида вазиятни таҳлил қилиб чиқади.
Делегациямиз Олимпия ўйинларидан қайтиб келгач 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда матбуот анжумани ўтказилди. Унда Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов журналистларни қизиқтирган саволлар қатори байроқдорлик мавзусига ҳам батафсил жавоб бериб ўтган.
Токио-2020 Олимпия ўйинлари давомида ХОҚ 138-Сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг Атлетлар комиссиясига 4 нафар спортчи танлаб олинди. Маълум қилинганидек, унда 30 нафар номзод қаторида ҳамюртимиз Оксана Чусовитинанинг ҳам номи келтириб ўтилган эди. Овоз бериш жараёни Олимпия ўйинлари даврида бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилот шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳеч қайси делегация вакилларини жараёнга аралашишларига йўл қўймади. Якунда ғолиб чиққан 4 нафар номзодлар номи эълон қилинди. Афсуски, ҳамюртимиз мазкур комиссия аъзолигига сайланмади.
Қайд этиш жоиз, коронавирус пандемияси сабаб Токио-2020 Олимпиадаси цикли 5 йилга чўзилди. Унда иштирок этган спортчиларимизнинг чиқиши 7 сентябрдан бошлаб федерациялар кесимида таҳлилий-танқидий кўриб чиқилади. Шунингдек, ўтказиладиган аудит текширувларига хорижлик малакали ва тажрибали мутахассислар ҳам жалб этилади. Ўрганиш ишлари якунига етгач натижалар расман маълум қилинади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси барча ОАВ, журналист ва блогерлар билан ҳамкорликда ишлашга доимо тайёр эканини ва бундан мамнун бўлишини билдиради.