МОҚ вакиллари «Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланишди
Яқинлашиб келаётган истиқлолимизнинг 30 йиллик байрами муносабати билан спорт, ижтимоий соҳа ва ОАВ йўналишидаги бир гуруҳ мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 майдаги Фармонига асосан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари, ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Ёдгор Саъдиев, шунингдек, маданият, спорт ва ижтимоий соҳа вакиллари, блогерлар иштирок этишди.
Азиз Абдуҳакимов тақдирлаш маросимини очиб берар экан яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан барчани қутлаб ўтди. Ўз ўрнида Бош вазир ўринбосари мамлакатимиз тараққиёти ва ривожи йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор мутасаддиларни тақдирлади. Улар орасида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Қўмита раҳбарининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев, МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, Қўмита департамент директори Бегзод Ибрагимов ҳамда Ижро назорати ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис Абдурашид Гафуровлар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини қабул қилиб олишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси спорт соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги, яратиб берилаётган шароитлар учун Президентимизга Олимпия оиласи номидан чуқур миннатдорчилик изҳор қилади.