Ру En O'z
27 Август 2021 2017

13 нафар спорт фидойиларига I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида узоқ йиллар ўз ҳаётини ўзбек спортини ривожлантиришга сарф қилган 13 нафар фидойиларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбир “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосарлари Шароф Убайдуллаев ва Шуҳрат Усмонов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бир гуруҳ спорт фидойилари иштирок этишди.

Тадбир аввалида йиғилганларга Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шидоёнасига атаб янги ишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда ўтган аср бошларидан то шу пайтгача бўлган даврда диёримизнинг спорт соҳасидаги асосий ютуқлари тасвирланган. Шундан сўнг Шароф Убайдуллаев сўз олиб тадбирнинг аҳамияти, ҳар икки ташкилотнинг ҳамкорлиги хусусида гапириб ўтди. Кейин умрининг асосий қисмини юртимиз спортига бахшида этган 13 нафар спорт дарғаларига I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва МОҚнинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, Президентимизнинг спортга қаратаётган улкан эътибори, бугунги ютуқларимизда фахрийларимизнинг тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги ПҚ-3133 сони қарорига биноан таъсис этилган. Унинг орқа томонида «Кўп йиллик ҳалол меҳнати учун» ёзувини кўриш мумкин. Ушбу кўкрак нишони 3 даражада таъсис этилган. Бугун спорт фахрийлари 1-даражадаги кўкрак нишонлари билан тақдирланишди.

Text to speech