Икки нафар пара сузувчимиз финал йўлланмасини қўлга киритди
Вакилларимизнинг Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларидаги иштироки давом этади. Бундан бир оз аввал 4 нафар пара-сузувчимиз S13 классда 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида иштирок этди.
Жумладан, эркаклар ўртасида Музаффар Турсунхўжаев ва Ислам Асланов, аёллар ўртасида эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова ва Нигорахон Мирзоҳидова стартга чиқди. Афсуски, йигитларимизга омад етишмади ва улар саралашда 5 ва 6-ўринларни эгаллаб, финал босқичига ўта олишмади. Бироқ аёллар ўртасидаги саралаш баҳсларида қатнашган иккала спортчимиз ҳам финал босқич йўлланмасини нақд қилишди. Нигорахон финишга 2-бўлиб етиб келган бўлса, Шоҳсанамхон 5-ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасида 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича финал баҳси бугун Тошкент вақти билан соат 15:12 да бўлиб ўтади.