Ру En O'z
22 Август 2021 1940

Триатлон ва от спорт бўйича юқори натижа қайд этган спортчиларимиз тақдирланишди

Юртимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиб келаётган атлетларимиз ҳамиша эътиборда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги томонидан триатлон ва от спорт бўйича юқори натижа қайд этган атлетларимиз тақдирланишди.

Тадбирда генерал-майор Рустам Жўраев бошчилигидаги Миллий гвардия қўмондонлиги мутасаддилари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, замонавий бешкураш федерациялари раиси Баҳромжон Газиев, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, Улоқ-кўпкари федерацияси раисининг ўринбосари Э.Абзалов иштирок этди.

Тадбир аввалида Миллий гвардия қўмондони спортчиларимизни йил давомида қайд этган юксак натижалари билан қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятида ҳам омад тилаб ўтди. Шундан сўнг Миллий гвардия қошидаги от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби чавандозлари Н.Туякбаев, У.Комилов, О.Собиржоновга Москвада ўтган Миллатлар кубогида юқори натижа кўрсатгани учун Миллий Гвардиянинг “Намунали хизматлари учун” 3-даражали кўкрак нишони билан тақдирланишди.

Жорий йилнинг июль ойида Канар ороллари ўтган триатлон бўйича IRONMAN LANZAROTE жаҳон чемпионатида ёшлар тоифасида олтин, жамоавий йўналишда кумуш медалга сазовор бўлган Жамоат хавфсизлиги университетининг хизматчиси Алина Ҳакимовага эса офицерлар таркибининг биринчи “лейтенант” унвони, имтиёз асосида 3 хонали уй ва “қизил беретка” кийиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, Елена Кун ва триатлон бўйича жамоа бош мураббийи Виктор Земцев ҳам муносиб тақдирланишди.

Тадбир якунида барча иштирокчилар Миллий гвардия қўмондонлигининг спортни ривожлантиришга қўшаётган хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, қўмондон соҳада орқада бораётган вилоят бўлимларининг фаолияти ҳақида алоҳида танқидий фикр билдириб, уларга керакли кўрсатмалар бериб ўтди.

Text to speech