Замонавий бешкураш турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди
19-22 август кунлари Тошкент шаҳрида замонавий бешкурашнинг иккикураш, учкураш ва тўрткураш йўналишлари бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан 120 нафар спортчи иштирок этди.
20 август куни U-11, U-13, U-15 ёш тоифасида 65 нафар бошланғич спортчилар иккикурашнинг сузиш ва югуриш йўналишлари бўйича қатнашди.
21 август куни учкурашнинг сузиш ва лазер-ран (лазер тўппончасидан ўқ отишни ўз ичига олган югуриш) йўналишлари бўйича 55 нафар тажрибали спортчилар мусобақалашди.
22 август куни қиличбозлик бўйича мусобақалар ўтказилиб, унда 17 нафар энг кучли спортчилар маҳоратини намоён қилишди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи полковник Атамурод Аҳмедов ҳамда қишки ва мураккаб техник спорт турлари бўйича РОСММ директори Азимжон Юсупов фахрий меҳмон сифатида иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга мукофотларни топширишди.