Сакен Полатовни табриклаймиз!
Бугун Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ўз таваллуд айёмини нишонламоқда.
Сакен Джетибаевич Полатов 1975 йил туғилган. У 2002 йилда Тошкент Давлат медицина институтини тугатган. Аммо спортга бўлган қизиқиш тиббиётдан устун келиб, мазкур соҳада фаолият олиб бормоқда. Бугунга келиб, юртимизнинг етук спорт менежерларидан бирига айланди. 2019 йилдан МОҚ вице-президенти ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда. 2021 йил Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон бокс бўйича дунёнинг етакчи давлатлардан бирига айланишида ушбу мутахассиснинг ҳам хизмати катта. Юртимизда бокс тараққиёти, оммавий спорт тарғиботи ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун давлатимиз раҳбари томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Сакен Джетибаевични таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва муваффақият тилаб қолади.