Паралимпиячиларимиз Токиога тантанали кузатилди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 августидан 5 сентябрига қадар Япония пойтахти Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Бугун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасида делегациямиз аъзоларини Токио шаҳрига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, спортчилар ва уларнинг ота-оналари, мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тантанали маросимни Танзила Норбоева очиб берди. Танзила Камаловна сўз ўрнида Токиода бўлиб ўтадиган XVI ёзги Паралимпия ўйинларида уларга омад ва зафарлар тилаган ҳолда, юртимизга ёруғ юз билан қайтишларини, халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлашлари учун бор маҳоратларини ишга солишга чақириб, ўзининг самимий тилакларини изҳор этди.
Сўнгра Абдулла Арипов спортчиларимизга ёзги Паралимпия ўйинларида куч-қувват тилаб, муҳтарам Президентимиз ҳамда миллионлаб мухлисларимиз улардан ғалабалар кутишларини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Танзила Норбоева ва Азиз Абдуҳакимов давлат байроғини Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаевга тантанали равишда топширишди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.
Маросимда сўз олган спортчилар – Муҳаммад Рехсимов ва Шаҳноза Мирзаева Паралимпия ҳаракатига қаратаётган юксак эътибори учун барча паралимпия спортчилари номидан юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди ва насиб қилса, Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига юқори натижалар билан қайтишларини айтишди.
Тадбир якунида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов дуога қўл очиб, Токиога йўл олаётган делегациямиз вакилларига оқ йўл тилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон спорт делегацияси Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига спортнинг 8 турида 55 та йўлланма қўлга киритган.