Ру En O'z
20 Август 2021 3339

Ўзбекистон Қаҳрамони Ачилбай Раматов 59 ёшда!

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов таваллуд айёмини нишонламоқда.

Ачилбай Жуманиязович Раматов 1962 йил 20 август куни туғилган. Ачилбай Жуманиязович мамлакатимизнинг ҳар соҳада ривож топиб боришида, хусусан, ўзбек боксининг бугунги чўққига чиқишига улкан ҳисса қўшган спорт фидойиларидан. А.Раматов 2012 йил Ўзбекистон бокс федерацияси раислигига келгач тубдан катта ўзгаришларни амалга оширди. Бунинг натижасида боксчиларимиз Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинлари, 2017 йил Тошкентда, 2019 йил Таиландда, 2021 йил БААда ўтган Осиё чемпионати, 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари ва 2019 йил Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди.

Ачилбай Раматовнинг улкан хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Дўстлик”, «Фидокорона хизматлари учун» ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, шунингдек, мамлакатимизнинг олий мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвонига эга.

Ўзбекистон Миллий Oлимпия қўмитаси Ачилбай Жуманиязовични таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва куч-ғайрат тилаб қолади.

Text to speech