Ру En O'z
19 Август 2021 1935

Сречко Катанец МОҚга ташриф буюрди

Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиши кутилаётган таниқли мураббий Сречко Катанец МОҚга ташриф буюрди. Словениялик мутахассисни Қўмита раҳбарияти қарши олди.

Кеча тунда Тошкентга етиб келган словениялик мураббий Сречко Катанец футбол бўйича Миллий терма жамоамиз бош мураббийи сифатида эълон қилиниши кутилмоқда. Бугун у юртимизнинг спорт инфратузилмаси билан танишар экан, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ҳам ташриф буюрди. Меҳмонни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ва ассоциация мутасаддилари кутиб олишди.

Ташриф давомида Сречко Катанецга ўзбек спортининг бой тарихи, яқинда якунига етган Токио-2020 ва бошқа Олимпия ўйинларида атлетларимиз қайд этган натижалар, истиқболли режалар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, мутахассис МОҚ қошида тузилган ва спортчиларимиз учун хизмат қилаётган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳақида ҳам ахборот олди.

МОҚ раҳбарияти Катанецнинг терма жамоамизда кўришдан мамнун экани, яқин вақт давомида кўплаб режаларни ҳамкорликда амалга оширишдан умидвор эканини билдириб, унинг фаолиятига омад тилаб ўтди.

Text to speech