Ру En O'z
18 Август 2021 1774

Нукусда велоспорт бўйича мамлакат чемпионатига старт берилди

Бугун Қорақалпоғистон Республикасида велоспорт бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Унда 2007-2008 йилларда туғилган ёшлар ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда.

Мусобақада Республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин ёш велопойгачилар ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Регламентга кўра, бугунги кун дастурида спортчилар 5 км масофага шахсий пойга бўйича яккалик беллашувларини ўтказишди.

Қизиқарли кечган баҳсда ғолиблик мезбон жамоа вакили Бексултан Курбаниязовга насиб этди. Иккинчи натижани Миллий гвардия қошидаги “Динамо” клуби вакили Нурсултан Турсунов қайд этган бўлса, кучли учликни Никита Еремов якунлаб берди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу чемпионатни Нукусда ўтказишдан мақсад Республикамизнинг барча ҳудудларида спорт тарғиботини янада кучайтиришдир. Қорақалпоғистон эса сал кам 40 йил ичида илк бор ушбу спорт туридаги Республика чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Text to speech