Равшан Ирматовни табриклаймиз!
Бугун ўзбек спортининг ёрқин вакили, футбол бўйича Осиёнинг 5 карра энг яхши ҳаками Равшан Ирматов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Равшан Сайфуддинович Ирматов 1977 йил 9 август куни туғилган. ФИФА рефериси сифатида фаолият олиб борган Равшан Сайфуддинович футбол бўйича жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйин бошқарган ҳакамдир. Ҳамюртимиз ЖАР-2010 мундиалида 5 та, Бразилия-2014 мундиалида 4 та ва Россияда ўтган жаҳон чемпионатида 2 та, жами 11 та учрашувни бошқариб борган. Бир неча бор клублар ўртасидаги ЖЧ, Осиё кубоги ва ОЧЛ ва бошқа нуфузли мусобақаларнинг асосий ўйинларида ҳакамлик қилган. 2015 йил эса жаҳоннинг энг яхши рефериси деб топилган. Равшан Сайфуддиновичнниг бундай хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти лавозимларида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Равшан Ирматовни таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.