Токио-2020: Делегациямиз таркибида ўзгариш
Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямиз таркибида ўзгариш рўй бермоқда. Бадиий гимнастика бўйича яккалик дастурида иштирок этиши кўзда тутилган Сабина Ташкенбаева ўрнига Екатерина Фетисова Олимпиадада қатнашади.
Афсуски, ҳозирда янада авж олаётган коронавирус Сабина Ташкенбаевани ҳам четлаб ўтмади ва гимнастикачимиз Токио-2020 Олимпиадасида иштирок эта олмайдиган бўлди. Ташкенбаева квалификацион Жаҳон кубоги босқичлари орқали мазкур Олимпиадага йўлланма олган эди. Қоидага кўра, Ўзбекистон гимнастика федерацияси Халқаро гимнастика федерациясига (FIG) бу ҳақида маълум қилди. FIG бундай вазиятда лицензион ўринда Ташкенбаевадан кейинги ўринда турган гимнастикачига Токио-2020 лицензияси берилишини таъкидлади. Ушбу поғонадаги кореялик спортчи айни пайтда яхши спорт формасида эмаслиги учун Олимпиадада иштирок этолмаслиги ойдинлашди.
Лицензион рейтингда ундан кейинги поғонани бошқа бир вакилимиз Екатерина Фетисова эгаллаган. Фетисова юқори спорт формасида тургани учун Ташкенбаеванинг ўрнини эгаллайдиган бўлди. Шу тариқа, эртага бўлиб ўтадиган яккалик беллашувларининг саралаш дастурида Екатерина Фетисова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
«Токиода Олимпия ўйинлари давом этмоқда. Бу мусобақаларда Ўзбекистон гимнастика терма жамоаси сафида мен ҳам иштирок этишим керак эди. Аммо коронавирус мени ҳам четлаб ўтмади ва кетиш олдидан топширган тест таҳлилим ижобий чиқди. Шу сабабли ҳам мен Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайман. Мени ўрнимга Олимпиадада Екатерина Фетисова иштирок этади, унга бўлажак мусобақада омад тилайман. Биз мураббийим билан Олимпиадада иштирок этиш учун боримизни берган эдик ва қийинчилик билан йўлланма олгандим. Афсуски, унда қатнаша олмайдиган бўлдим. Ҳозир мен учун жуда ҳам қийин давр. Миллий Олимпия қўмитаси, федерация мутасаддилари, мураббийларим ва мени қўллаб турган бошқа барчага миннатдорчилик билдириб қоламан», – деди Сабина Ташкенбаева.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси маҳоратли бадиий гимнастикачимизга тезроқ соғайиб кетишини тилаб қолади.