5 Август 2021
1836
Олимпия ўйинларида янги спорт турида дебют қилдик
Токио-2020 Олимпия ўйинларида спортчиларимиз забт этган янги спорт тури замонавий бешкураш бўлди. Бугун ушбу спорт турида саралаш баҳслари бошланди.
Аёллар ўртасида ўтказилаётган мусобақада Алисэ Фахрутдинова курашга киришди. Регламентга кўра, дастлаб қиличбозлик бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.
Ҳамюртимиз 35 жангдан 16 тасидан ғалаба қозонди ва бу унга 196 очко тақдим қилди. Ҳозирча вакиламиз 22-поғонада кетмоқда. Бугун, шунингдек, эркаклар ўртасида яна бир вакилимиз Александр Савкин ҳам қиличбозлик бўйича жангларини ўтказади. Мусобақанинг қолган дастурларида юртимизда Олимпия спорт турлари географиясини кенгайтирган замонавий бешкурашчиларимизга омад тилаб қоламиз.