Элдор Шомуродов: "Бизда босим йўқ"
Футбол бўйича жаҳон чемпионати 2-туридан ўрин олган Португалия — Ўзбекистон ўйинидан аввал расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳамда сардор Элдор Шомуродов қатнашди. Жамоамиз вакилларининг тадбирдаги муҳим жавоблари:
Элдор Шомуродов:
"Бизда босим йўқ. Шу сабабли эртага Португалияга қараганда бизга осонроқ бўлади, деб ўйлайман. Бизда ажойиб жамоа шаклланган. Биринчи ўйиндан кейин бизда ишонч кучли, биз аллақачон дебют қилиб бўлдик. Биз эртага яхши натижа учун майдонга чиқамиз.
Биз рақибимизнинг биринчи турдаги ўйинининг натижасига аҳамият бермадик. Бу ҳақида ҳозир ўйлашнинг пайти эмас. Балки учинчи турдан кейин буни муҳокама қилармиз, ҳозир биз учун энг асосийси эртанги баҳс.
Колумбияга қарши биринчи бўлимда мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажаролмаганимиз эвазига хатолар келиб чиқди, деб ўйлайман. Эртага бундай хатоларни такрорламасдан, ўз ўйинимизни кўрсатишга, тўпни кўпроқ назорат қилиб, вазиятлар яратишга ҳаракат қиламиз.
Биз Аббос билан клубда ҳам бирга ўйнаймиз. Машғулотларда ҳам доимо биргамиз. Шу сабабли ҳам бир биримизни ўзаро яхши тушунамиз, десам бўлади. Энг муҳими бир жамоа бўлиб, яхши натижа қўлга киритишга ҳаракат қиламиз".
Фабио Каннаваро:
"Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Шунингдек, учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Чунки имкон қадар тезроқ ўйинни ўз фойдасига буришни, ҳимояни ёриб ўтишни исташади.
Шундан келиб чиқиб, биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Футбол шундай ўйин. Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз. Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз.
Аввал ҳам айтганимдек, биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири, бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор. Шунга қарамай, жарима майдонида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
У стандарт вазиятларда ҳам, ўйин давомида ҳам исталган пайт гол уришга қодир. Шу боис бутун ўйин давомида максимал даражада диққатли бўлишимиз керак.
Жамоага келганимиздан буён асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилди. Айрим футболчилар турли чемпионатларда ўйнаган, баъзиларида эса маълум муаммолар мавжуд эди. Шунга қарамай, сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим. Жамоа учрашувни юқори темпда якунлади ва барча ўзини яхши ҳис қилди.
Албатта, статистикаларни таҳлил қилиш осон эмас. Масалан, тўпнинг ҳаракат тезлигига қарасангиз, футболчиларнинг техник маҳорати қанчалик юқори эканини тушунишингиз мумкин. Мен фақат жисмоний кўрсаткичларга қарашни ёқтирмайман. Чунки якунда энг муҳими — тўпни қандай назорат қилишингиз, қандай узатишингиз ва уни қанчалик кам йўқотишингиздир.
Менимча, агар сиз ўйин давомида тўпни 20 марта йўқотсангиз, уни қайтариб олиш учун 20 марта югуришингизга тўғри келади. Бу эса жуда муҳим омил. Португалиянинг статистикаси эса, албатта, кўп жиҳатлар бўйича юқори даражада. Биз буни биламиз ва таҳлил қилиб чиқдик.
Шу билан бирга, биз майдонда тартибсиз равишда ҳар томонга югуриб юришимиз керак эмас. Масала кўп югуришда эмас, тўғри югуришда. Тўпни йўқотмаслик ва уни қаерда қайтариб олишни билиш муҳим".