Фабио Каннаваро: “Жаҳон чемпионати яқин экан, ҳар бир ўйиннинг аҳамияти муҳим”
Эртага футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA Series турнири доирасида Габонга қарши баҳс олиб боради. Бугун мазкур учрашув олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди. Қисқача:
– Бу ўйинлар ўртоқлик ўйини бўлса ҳам, уларда ғалаба учун майдонга тушамиз. Жаҳон чемпионати яқин экан, ҳар бир ўйиннинг аҳамияти муҳим.
– Жаҳон чемпионатига ким боришини ҳозирдан айта олмаймиз. Барча йигитларни рўйхатда сақлаб, якуний таркибни кейин ҳал қиламиз.
– Кенгайтирилган рўйхатдан 55 футболчи ўрин олган. Лекин ички чемпионат давомида футболчилар ўзларини кўрсатишига қараб бу рўйхат ўзгариши мумкин.
– Иккала ўйинда барча йигитларга имконият берамиз. Уларнинг ҳолатини тўлиқ кўра олишимиз керак.
– Дубай йиғинида жуда кўп ўйинчиларни кўздан кечирдим. Унда барчалари билан якка тартибда суҳбатлашдим ҳам. Улардаги иштиёқ мени хурсанд қилди.
– Барча ўйинчиларни кузатиб бориб, чақирувга мос йигитларни жалб қилганмиз. Шу пайтгача 5 та дарвозабонни кўздан кечирдик. Агар биз танловда хато қилган бўлсак, уларда ўз ўйинлари билан бизни ҳайратга солишлари учун вақт бор.
– Асосий хавотирим футболчиларнинг даражасидан кўра жисмоний ҳолати билан боғлиқ. Жаҳон чемпионатидан олдин 2-3 ҳафта вақтимиз бўлади холос. Маълумки, бу вақтда уларнинг жисмоний ҳолатини сезиларли даражада ошириш имконсиз. Биз январдан бери шу жиҳатга эътибор қаратяпмиз.