Ру En O'z

Руслан Нурудинов: “Ўз рекордларимни янгилаш менга мотивация беради”

Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Руслан Нурудинов бир неча кун олдин Баҳрайнда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича дунё биринчилигида 3 йил аввал ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилаб, уч карра жаҳон чемпионлигига эришгани ўзбек спорти учун муваффақиятли ўтган 2024 йилга ажойиб якун ясаб берди. Андижон ўғлонининг 33 ёшида олтин медаллар билан бирга жаҳон рекордини янгилай олгани ўзбек оғир атлетикаси мактаби қандай кучга эга эканини яна бир карра кўрсатди. Полвонимизнинг аввалги даражага қандай қайта олгани бизни ҳам қизиқтирди.

– Профессионал спорт билан шуғулланганлар яхши биладики, бу ёшда юқори спорт формага қайтиш жуда мураккаб. Устозларим билан тинмай меҳнат қилдик ва худога шукур яна ўз вазнимда энг кучли спортчига айландим. Орада кичик кўнгилсизлик ҳам бўлди. Бироқ яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши билан барчаси енгиб ўтилди.

– Спортчи эришиш мумкин бўлган барча натижаларингиз бор. Сизни спортда нима ушлаб турибди?
– Айтганингиздек, коллекциямда барча мусобақаларнинг олтин медаллари бор. Баъзиларида рекордлар ҳам ўрнатганман. Ўзим ўрнатган рекордларни янгилаш ичимдаги оловни ёқиб, катта мотивация беради.

– Баъзи сабаблар билан Токио ва Париждаги Олимпиадаларни ўтказиб юбордингиз. Бу жуда катта психологик қулашга олиб келиши мумкин. Сиз ўзингизни руҳан қандай тикладингиз?
– Очиғи, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг саралашидан кейин бироз тушкунлик бўлди. Назарий жиҳатдан бу йилги Олимпиадада қатнашиш имкониятим бор эди. Бироқ бунинг учун -102 кг вазн тоифасига қайтишим талаб этиларди. Бу вазнга тушишим учун кўп вазн ташлашим керак эди. Ҳаракат қилиб кўрдим, аммо саломатлигим билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлгани учун таваккал қилмадик. Бу ҳам бир синов ва бундан фақат меҳнат орқали муваффақиятли ўта олдим.

– Лос-Анжелес-2028 га ҳам тайёргарлик кўрасизми? Унгача шундай формада етиб боришингиз учун нималар керак?
– Албатта, ҳаракат қилиб кўраман. Бунинг учун спортга илмий жиҳатдан кўпроқ ёндашиш керак. Замонавий спортда муваффақиятнинг асосий калити илм-фан ҳисобланади. Методика ва тиббиётни уйғунлаштириб, тўғри тайёргарлик қилишимиз лозим. Шунда муҳтарам Президентимиз олдимизга қўйган Лос-Анжелес Олимпиадасида кучли ўнталикдан жой олиш вазифасини уддалашимиз осонлашади.

Text to speech