Музаффарбек Тўрабоев: "Янги Олимпиада циклида ўз вазнимда қоламан"
7-8 декабрь кунлари Япония пойтахтида дзюдо бўйича йилнинг энг сўнгги мусобақаси – Токио “Катта дубулға” турнири бўлиб ўтади. Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)нинг расмий сайтида ҳамюртимиз, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Музаффарбек Тўрабоев +100 кг вазн тоифасида рўйхатдан ўтказилган. Хўш, Музаффарбек энди бошқа вазн тоифасида курашадими? Биз спортчимиз билан боғланиб, бу саволга ойдинлик киритдик.
- IJF сайтида сиз Токио “Катта дубулға” турнири иштирокчилари рўйхатида турибсиз. Фақат янги вазн тоифасида. Ҳақиқатдан ҳам +100 кг тоифасига ўтдингизми?
- Ҳа, ушбу мусобақада янги вазнда иштирок этаман. 5 декабрь куни учиб кетишни режалаштирганмиз. Дастурга кўра, 8 декабрь куни татамига чиқаман. Кўрсатилганидек, Токиода +100 кг вазн тоифасида курашаман.
- Баъзи мутахассислар Сизни янги циклда +100 кг да курашади деяпти. Шу тўғрими?
- Йўқ, янги циклда ўзимни вазним (-100 кг)да қоламан. Ҳозир вазн ташламаётганим учун +100 кгда ўз имкониятимни синаб кўрмоқчиман.
- Сизнинг севимли усулингизни келиб чиқиши қандай? Ўзингиз ёқтириб қўллашни бошлаганмисиз ёки кимдир сизга шу мос тушади деб қўйиб берганми?
- Бу усулни воҳамизнинг таниқли полвонларидан бўлган отам ўргатган. Мураббийим Улуғбек ака Азизов билан уни ривожлантирдик. Терма жамоа таркибига кирганимдан сўнг Нурали ака Қобулов ва Илиас Илиадислар билан усулни янада ишлаб, мана шундай кўринишга келтирдик. Уни мукаммаллаштиришда барча мураббийларнинг меҳнати бор. Куч – бирликда, дейилганидек, бунга ҳам кўпчиликнинг бирлашиши сабаб бўлган.