Баҳодир Жалолов: "Чемпионлик жангига тайёр тураман"
Баҳодир Жалолов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида ҳаваскор боксдаги фаолиятига чиройли якун ясади. Икки карра Олимпиада чемпионлигига эришган “Big Uzbek” энди бор эътиборини профессионал боксга қаратади.
– Терма жамоада ўрнингизга кимни муносиб номзод деб биласиз?
– Жамоамизда кучли ва иқтидорли йигитлар кўп. Шахсан ўз фикримни айтадиган бўлсам, Жаҳонгир Зокиров асосий боксчига айланса керак. Унда бу учун барча имконият, куч ва техника етарлича. Унинг келгуси Олимпиадада ҳам натижа кўрсатишига ишонаман.
– Сиз учун профессионал боксда энг оғир вазнда қайси йўналиш камари нуфузлироқ?
– Ҳамма камарнинг ўзига яраша тарихи, нуфузи бор. Мен учун улар орасида ВБС йўналиши кўпроқ қизиқиш уйғотади. Чунки кўп чемпионлар яшил рангдаги шу камарни орзу қилишган. Шунинг учун ВБС камари нисбатан обрўлироқ туйилади.
– Профессионал боксда камар қўлга киритишингиз учун қанча вақт керак деб ўйлайсиз?
– Ҳозир ҳеч нарса деб бўлмайди. Менга чемпионлик жангини беришса, ҳар қачон уни бажонидил қабул қиламан. Балки бу яқин ойларда бўлиб кетар. Балки 1 йил ёки 2 йил талаб этилар, билмадим. Айтганимдек, вақт бўйича ҳеч нарса деб бўлмайди. Лекин мен доим бунга тайёр тураман.