Ру En O'z

Улуғбек Рашитов: Келгуси Олимпия ўйинларида -80 кг вазн тоифасида иштирок этмоқчиман

Олимпия ўйинларида ўз номини зарҳал ҳарфлар билан қолдираётган таэквондочимиз, икки карра Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов янги циклга янги режалар билан қадам қўймоқда. Бугун унинг бу борадаги мақсадлари ҳақида гаплашамиз.

– Ижтимоий тармоқда бошқа вазн тоифасига ўташингиз ҳақида ишора кўрдик. Бу ҳақиқатми? -80 кг вазн тоифасига ўтадиган бўлсангиз, у ердаги рақобатни қандай кўряпсиз? Ўзбекистон терма жамоасининг ўзида бу вазнда кучли йигитлар бор.
– Ҳа, бу рост. Келгуси Олимпия ўйинларида -80 кг вазн тоифасида иштирок этмоқчиман. Бу борада режаларимиз бор. Дастлаб -74 кг, сўнг -80 кг тоифасига кўтарилиб, рейтинг очколарини жамғаришга киришаман. Бажонидил -68 кг вазн тоифасида жанг қилишни давом эттирган бўлардим, бироқ эндиликда кўп миқдорда вазн ташлаш саломатлигим учун анча хавфли бўлиб қолади. Ёшим билан баробар вазним ҳам юқорилаб бормоқда. Бу табиий жараён. Албатта, ўзимизда ҳам бу Олимпия вазнида кучли йигитлар етарлича. Аввало, жаҳон миқёсига кўтарилиш учун ички рақобатдан ўтишим керак.

– Коллекциянгизда жаҳон чемпионатининг олтин медали учун жой бўш қолмоқда. Уни қачон тўлдириш ниятидасиз?
– Биринчи имконият бўлиши биланоқ. Кейинги жаҳон чемпионатимиз 2025 йил Хитойда ўтиши белгиланган. Шунинг ўзидаёқ бу мақсадимни амалга ошириш учун бор кучимни ишга соламан.

– Бир неча йилдан бери шуғулланаётган ёш спортчиларда натижа бирдан кўринмаслиги мумкин. Уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Ҳеч қачон меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак. Ҳар бир мағлубият спортчига қайсидир маънода сабоқ беради. Ундан тўғри хулоса чиқара олган, ўзи устида ишлайдиган, мураббийи билан рақибларига тўғри тактика қўя олган спортчи, албатта, ғалаба қозонади. Мана шу йўналишда кучли жамоам ва мураббийим борлиги менинг катта ютуғим.

Text to speech