Лазибек Муллажонов: Мақсадим 2 карра Олимпиада чемпиони бўлиш
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Лазизбек Мулложоновнинг Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги ёрқин жанглари кўпчиликнинг ёдида қолди. -92 кг вазн тоифасида тенгсиз бўлган спортчимиз Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги тарихий натижасига катта ҳисса қўшди. Чарм қўлқоп устаси билан кичик интервью ўтказдик.
– Олимпиада тугаганига 3 ойдан ўтди. Баъзилар терма жамоа таркибидаги машғулотларни аллақачон бошлаб юборди. Сиз қачон йиғинларга қўшиласиз?
– Қисқа муддатли таътилдан сўнг терма жамоа йиғинларига тез орада қайтаман. Ҳозирда жамоамиз Осиё чемпионатига тайёргарлик кўряпти. Ушбу мусобақадан сўнг терма жамоа йиғинларига қўшиламан.
– Олимпиада чемпионлигидан кейин профессионал боксга тўлиқ ўтиш фикри уйғонмадими? Ўзи халқаро промоутерлик компаниялардан жиддийроқ таклиф тушдими?
– Париждаги ғалабамдан сўнг профессионал боксга буткул ўтиш фикри уйғонмади. Иккисини бирдек олиб бормоқчиман. Мақсадим ватаним учун иккинчи мартаба ҳам Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиш.
– Тошкентда ўтган жаҳон чемпионати ва Ханчжоудаги Осиё ўйинларида анча қизиққон, эмоцияларга кўп берилувчи Мулложоновни кўргандик. Бироқ Париж Олимпиадасида бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Қисқа вақт ичида нима сизни бунчалик ўзгартира олди?
– Жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритганим ва Осиё ўйинларида чорак финалда ютқазганимдан кейин ҳиссиётларни жиловлаб олдим. Чунки, улар баъзи пайтда спортчига қарши ишлаши мумкин. Шунинг учун бор эътиборни Олимпиада лицензиясига ва ундаги жангларга қаратдим. Мақсадим олтин медаль эди ва унга эришдим.