Абдумалик Халоков: "Енгил жанглар ортида оғир меҳнат турибди"
Абдумалик Халоков ёшлар ва катталар ўртасида ҳаваскор боксда барча йирик мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб бўлди. Унинг рингдаги ўзгача ҳаракатлари нафақат ўзбекистонлик бокс мухлислари, балки, дунё спорт ихлосмандларида ҳам қизиқиш уйғотди. Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида -57 кг вазн тоифасида мутлақ тенгсиз деб топилган Абдумалик Халоковга ўзимизни қизиқтирган айрим саволлар билан юзландик.
- Париждаги олтин медални устозингизга совға қилганингиз ҳақидаги видео қўйилган эди. Бу ҳақиқатми?
- Ҳа, рост. Устозимга медаль совға қилганимнинг сабаби улар ҳам биз билан бир хил меҳнат қилдилар. Мен учун мураббийлар ҳам медалга лойиқ. Шу боис билан 1 октябрь куни уларга медалимни совға қилишга қарор қилдим.
- Олимпиадада рақибларингиздан яққол устунлик қилганингиз учун баъзилар жанглар енгил ўтди деган фикрда. Аслида ҳам шундайми?
- Албатта, рақибларим устида устозим жуда кўп иш қилдилар ва менга ҳар битта жангдан олдин тактика белгилаб бердилар. Мен қўйилган вазифани бажара олдим ва жангларим енгил ўтгандай туюлди ҳамма учун. Лекин, бунинг учун 12 йил меҳнат қилганмиз. Жаҳон чемпионатидан кейин Осиё ўйинларига, Осиё ўйинларидан сўнг Олимпиадага тайёрландик. Ҳар бир рақибни бирма-бир ўргандик. Шунинг учун кўп жангларим осон туюлди, лекин ичимдан нималар ўтганини фақат ўзим биламан. Ҳамма нарсанинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Биз ана шу қийинчиликлардан ўтиб олдик ва шундай натижаларга келдик. Енгил жанглар ортида оғир меҳнат турибди.
- Янги Олимпиада циклига тайёргарлик ва ундаги режаларингиз билан улашсангиз.
- Бизга 2 ой дам беришди. Чунки 4 йил тинмай меҳнат қилдик. 1 ҳафтадан сўнг таътил тугайди ва биз машғулотларга қайтамиз, янги ғалабалар сари интилмамиз. Тарихга кирмоқчиман. Ҳозир ёшлар ва катталар ўртасидаги Олимпиада чемпиониман. Энди яна бир карра Олимпиада чемпиони бўлмоқчиман. Бундан ташқари, параллель равишда профессионал боксда ҳам бир нечта жанг ўтказиш режам бор. Лос-Анжелесдаги Олимпиададан кейин тўлиқ проф боксга ўтиб, ҳамма камарларни бирлаштирмоқчиман ва ўз вазнимда мутлақ чемпион бўлиш ниятим бор.