Элшод Расулов: “Бўлажак Олимпия ўйинларида спортимиз тарихида яна бир саҳифа очишга ҳаракат қиламиз”
Париж-2024 саралаш цикли бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун омадли ўтди, дейиш мумкин. Зеро, қизларимиз жамоамиз тарихида илк бор 4 та йўлланма қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Хўш, энди 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик қандай кечади? Бу ҳақида аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расуловнинг фикрлари билан бўлишамиз.
– Маълумки, жорий Олимпия ўйинларида аёллар ўртасида 6 та вазн тоифасида баҳслар ўтказилади. Терма жамоамиз 4 та вазнда лицензия қўлга киритди. Очиғи, максимал даражада йўлланма олишга ҳаракат қилган эдик. Аммо ҳаётда барчаси биз хоҳлагандек бўлмайди. Барибир, саралаш циклидан кўнгил тўлди, дейиш мумкин. Бу биз учун катта ютуқ. Нега деганда, аёллар боксида кучли саналган АҚШ ва Ҳиндистон каби жамоалар ҳам 4 тадан лицензияга эга чиқди. Қўшни Қозоғистон ҳамда Буюк Британия жамоаси ҳисобида 3 та йўлланма бор. Шу нуқтаи назардан, натижамиздан кўнглим тўлди.
– Ҳозирги кунда спортчиларнинг ҳолати қандай?
– Нафақат лицензиатларимиз, балки терма жамоадаги барча боксчиларимизнинг аҳволи яхши. Эртага Россиянинг Қозон шаҳрида старт оладиган БРИКС ўйинларида 3 нафар лицензиатимиз Сабина Бобоқулова, Нигина Ўктамова ҳамда Ситора Турдибекова иштирок этишади. Бу орқали уларнинг тайёргарлигини кўздан кечириш режа қилинган.
– Тайёргарлик доирасида хориж йиғиниям кўзда тутилганми?
– Йўқ, халқаро йиғин режага киритилмаган. БРИКС ўйинларидан кейин Янгиободдаги терма жамоа базасида Олимпия ўйинларига тайёргарликни давом эттирамиз. Режамизга кўра, олдинда 2 босқичли ўқув-машғулот йиғинидан сўнг жамоамиз билан Парижга йўл оламиз.
– Бўлажак Олимпиададан нималар кутяпсиз?
– Олимпиаданинг уч карра иштирокчиси сифатида айта оламанки, у ерда омад кўп нарсани ҳал қилади. Лекин мен ҳар бир шогирдимга ишонаман. Улар муросасиз жангларда бор имкониятларини ишга солиб, ўзбек аёллар боксида янги саҳифа очишга ҳаракат қилишади.