Тимур Кападзе: “Олимпия ўйинлари йўлланмаси кучимизга куч қўшмоқда”
Хабарингиз бор, эртага Қатарда футбол бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё кубогининг финалида Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари чемпионлик учун баҳс олиб боришади. Бугун ҳар икки жамоа иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда жамоамиз устози Тимур Кападзе билан бирга сардор Жасур Жалолиддинов ҳам иштирок этишди. Ҳамюртларимиз бўлажак баҳс олдидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар:
“Эртага қизиқарли учрашув кутиб турибди. Бир-бирига муносиб икки жамоанинг ўйинига гувоҳ бўламиз. 2 йил аввал ўзимиздаги Осиё кубогида улар каби биз ҳам ёш таркиб билан ҳаракат қилган эдик. Шунингдек, финалга етиб келгани ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан Япония жамоасини ҳам қутлайман”, – деди мураббий.
“Олимпия ўйинлари йўлланмаси ва финалга чиққанимиз билан бутун халқимизни табриклайман. Эртанги ўйинга ҳам муносиб тайёргарлик кўриб, яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, – дея жавоб қилди ўйинчи.
–Эртага Япония жамоасидан қанақа ўйин кутмоқдасиз? (Т.Кападзега)
– Иккала жамоа ҳам бир-бирини яхши билади. Уларнинг ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Финал учун тайёрлаган режамиз бор ва шунга асосан ўйин кўрсатамиз.
–Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси ўзбек футболи учун қандай аҳамият касб этди? (Т.Кападзега)
–Биз бу натижадан жуда ҳам хурсандмиз. Зеро, футболимиз тарихида дастлабки Олимпиада йўлланмасига эга чиқдик. Бизгача жамоаларимиз ҳаракат қилишган эди. Лекин қайсидир паллада уларга омад етишмаган. Олимпиада лицензияси кучимизга янада куч қўшмоқда. Эртанги финалда янада яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.
–2022 йилги мусобақада ҳам жамоангиз Японияга қарши ўйнаб, ғалаба қозонган эди. Ушбу баҳсдан қанақа хотиралар қолган? (Ж.Жалолиддиновга)
– Аввалги мусобақадан яхши хотиралар бор. Чиройли ғалаба билан финал йўлланмасини қўлга киритган эдик. Лекин рақибимизга ҳурмат билан ёндашамиз ва эртанги ўйинга тайёргарлик кўришда давом этамиз.
–Легионерларнинг кетиши финал учун режангизга қандай таъсир кўрсатмоқда? (Т.Кападзега)
– Агар легионерларимиз финалда ҳам иштирок этишганида, бошқача бўлар эди. Лекин биз Қатарга 11 та эмас, 23 та футболчи билан ташриф буюрганмиз. 3 нафар ўйинчи кетгани билан у қадар катта ўзгариш бўлмайди. Ҳар бир ўйинимиз кўрсатдики, жамоада уларнинг ўрнини тўлдира оладиган йигитлар бор ва улар буни билдиришмайди. Фурсатдан фойдаланиб, мезбонларга ажойиб ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун жамоам номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.