Зиёдахон Абдусатторова: “Олимпиадаларда камондан отиш спортида юртимиз шарафини биринчи бўлиб ҳимоя қилиш мен учун катта бахт"
Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зиёдахон Абдусатторова Таиландда ўтган Париж-2024 лицензион турнирида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз учун тарихда мазкур спорт турида биринчи Олимпиада йўлланмасини тақдим қилди. Бу натижа билан Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси қатнашадиган спорт турларининг географияси яна биттага кўпаядиган бўлди. Қуйида Таиланддан тарихий натижа билан қайтган спортчимизнинг мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашамиз:
– Олимпия ўйинларида иштирок этадиган ўзбекистонлик биринчи камончи бўлиш таассуротлари қандай экан?
– Олимпиадаларда камондан отиш спортида юртимиз шарафини биринчи бўлиб ҳимоя қилиш мен учун катта бахт. Бунинг ҳиссиётларини сўз билан таърифлаб бера олмаяпман. Бу спортимиз, қолаверса, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси учун жуда муҳим ва қувончли воқелик бўлди. Ишонаманки, бундай йирик натижалар мамлакатимизда камондан отиш спорти янада ривожланишига оз бўлса ҳам ҳисса қўшади.
– Фаолиятингиздаги энг муҳим ўқ узиш олдидан хаёлингиздан нималар ўтди?
– Мен учун барча узилган ўқлар жуда муҳим. Таиландда ҳал қилувчи палладаги ўқ улардан бири. Ўқ узишдан олдин хаёлим фақат қоқ марказни нишонлаш ва қандай бўлмасин, 10 очколик айланани пойлаш эди. Буни уддалай олганимдан хурсандман.
– Минимум вазифа бажарилди. Энди олдинга қўйилган вазифа қандай?
– Олдимизда ҳали катта мақсадлар бор. Биз учун лицензион давр якунлангани йўқ. Келаси йил жамоавий йўналишда ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш ва Париждан медаль билан қайтиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
– Олимпиадани қандай тасаввур қиляпсиз?
– Париж-2024 Олимпиадасини кўтаринки руҳда ўтадиган, ёрқин хотираларга тўла, ўз спортида дунёнинг энг зўрлари беллашадиган, асосийси, Ўзбекистон делегацияси учун чиройли ғалабаларга бой мусобақа бўлади, дея тасаввур қиляпман.