Ру En O'z

Мидори Хонда: "Бу босқичга етарлича ҳозирлик кўрдик"

Эртага Тошкентда аёллар футболи бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи саралаш мусобақасининг биринчи босқичи старт олади. Бугун “А” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон, Иордания, Бутан ва Шарқий Тимор жамоаларининг бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз устози Мидори Хонда бўлажак мусобақага тайёргарлик ҳақида гапириб ўтди.

“Бу ўйинларга қадар 1 йил мобайнида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик. Йиғинлар доирасида турли ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Умуман олганда, бу босқичга етарлича ҳозирлик кўрдик, дея оламан. Йиғинлар доирасида рақибларни ўрганиб, шогирдларимга улар ҳақида батафсил маълумот бериб келдик. Рақибларни кучсиз деб ҳисобламаймиз. Хусусан, қизларимиз ҳам бундай фикрда эмас. Таркибда йўқотишлар йўқ. Аввал жароҳат олган қизлар умумий таркибга қайтишди. Фурсатдан фойдаланиб, барча мухлисларни футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга чорлаб қоламан”, – деди Мидори Хонда.

Анжуманда футболчилар номидан жамоамиз етакчиси сифатида иштирок этган Камила Зарипова ҳам мураббийнинг фикрларини тасдиқлаган ҳолда бўлажак баҳсларга барча тайёр экани, ҳар 3 ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу босқич доирасида Ўзбекистон терма жамоасининг илк ўйини эртага Бутанга қарши ўтказилади. Учрашув “Пахтакор” стадионида соат 17:00 да старт олади.

Text to speech