Темур Кападзе: “Ким яхши формада бўлса, ўша бошланғич таркибда ўйнайди”
Хабарингиз бор, эртага “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича U23 Осиё кубоги финал баҳси бўлиб ўтади. Бугун ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлаб жамоамиз устози Темур Кападзе ва сардоримиз Жасур Жалолиддинов иштирок этиб, ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
“Финалгача етиб келганимиздан хурсандмиз. Эртага ҳал қилувчи ўйин. Унга яхши тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ҳар бир босқичдан иродали ўтиб, ушбу босқичга етиб келдик. Эртага бор кучимизни ишга солиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, – деди Т.Кападзе.
“Мақсадимизгача яна 1 қадам қолди. Унга эришиш учун боримизни берамиз. Бизнинг ниятимиз аввалдан фақат чемпионликни қўлга киритиш. Эртага қўлдан келган кучимизни кўрсатамиз. Эртага бошлаган ҳикоямизни чиройли якунлаш ниятидамиз”, – дея гапирди Ж.Жалолиддинов.
Ташқи омиллар таъсири
Бундай омилларни санаб ўтиш мумкин. Лекин ҳозир буни ўйлайдиган вақтда эмасмиз. Ҳаво иссиқ ва дим бўлиши, майдон яхши ҳолатда бўлмаслиги мумкин. Лекин бунга эътибор қилмаган ҳолда фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бу ҳолат нафақат бизга, рақибларга ҳам таъсир қилади.
Саудия Арабистони ҳақида
Рақиб кучли жамоа. Уларни ҳам ўрганиб чиқдик. Охирги ўйинларга миллий терма жамоасидан ҳам ўйинчилар чақирган. Ёш масаласида ҳам биздан бироз каттароқ. Умуман олганда, биз саралашда ўйнаган жамоадан фарқ қилади. Бироқ бу бизга тўсқинлик қилмайди. Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Уларда ҳам заиф томонлар бор. Биз улардан фойдаланиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Араб жамоаларига қарши ўйинлар
Биз ҳар бир учрашувдан керакли тажриба йиғиб, хулоса олдик. Араб жамоаларига қарши ўйнадик. Саудия билан аввал кўп маротаба ўйнаганмиз. Тўплаган тажрибаларимиз бизга ёрдам беради, деб ўйлайман.
Финалдаги таркиб
Ўзгариш ҳақида бир нима дея олмайман. Ким яхши формада бўлса, ўша бошланғич таркибда ўйнайди. Уларнинг ҳар бири мен учун асосий таркиб футболчиси. Бизнинг мақсадимиз аниқ, ким тайёр бўлса, шу ўйнайди. Шунингдек, захирадан тушадиган футболчилар ҳам мен учун муҳим ҳисобланади.