Темур Кападзе: “Футболчиларим билан фахрланаман!”
Диёримизда ўтказилган футбол бўйича U23 Осиё кубоги финалидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе ҳам чемпионлик ўйинидан кейинги фикрларини билдириб ўтди.
“Бугун ғалаба билан халқимизни, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчи эдик. Бунинг учун узр сўраймиз. Чемпионлик бу гал насиб қилмаган экан. Худо хоҳласа, кейинги мусобақада ғалаба билан барчани хурсанд қиламиз”, – деди Т.Кападзе.
– Бўриев биринчи гол юзага келган вазият ва баъзи эпизодларда марказий ҳимоячиларга қўшилиб кетди. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди?
– Йўқ, бу фақат ўша вазиятда юзага келди. Бундай вазиятда ҳамма шерикларига ёрдам бериш учун ҳаракат қилади. Ҳар бир учрашувда йигитларим қаҳрамонлик кўрсатишди. Бугун қаердадир хато қилдик, қаердадир ҳаяжон учради. Бу финал бизга катта мактаб бўлди. Бу ғалабадан кейин яна ҳам кучли бўламиз.
– Чарчоқ мағлубиятнинг асосий сабабими? Етакчилар нега ўзларини кўрсата олишмади?
– Чарчоқ бундай турнирда барчада кузатилади. Айниқса, финалгача келганларда. Бугун йигитлар борини бериб ҳаракат қилишди. Ҳар хил вазиятлар бизга салбий таъсир қилди. Айниқса, майдон бор ўйинимизни кўрсатишга ҳалақит берди.
– Бу мусобақадан хулосалар . . .
– Асосий мақсадимиз Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритиш. Шунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Финалгача келганимиз биз учун катта натижа. Буни чемпионликка тенг дейиш мумкин. Бу турнир орқали йигитларимда юзага келган жисмоний ва руҳий камчиликларни кўриб олдим. Шундай бўлса ҳам, улар билан фахрланаман ва мусобақадаги ўйинлари учун раҳмат айтаман.
– Қисқа танаффусдан кейин ички чемпионат баҳслари бошланди. Янги турга “Олимпик” учун ушбу жамоадан ўйинчилар жалб қилинадими?
– Ҳозирги жамоада руҳий ҳолат бунга тайёр эмас. Бугун чемпионликни ният қилган эдик. Шу боис руҳия томондан озроқ тушкунлик бор. Эртага вазиятга қараймиз. Бугунги ўйин тугади, тарихда қолди ва энди янги марралар сари ҳаракатланамиз. Чемпионат баҳсларига ким жисмоний ва руҳий тайёр бўлса, ўшалардан фойдаланишда давом этамиз.