Светлана Осипова: “Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида нималарга қодир эканлигимизни кўрсатамиз”
Хабарингиз бор, шу кунларда Эрон пойтахтида таэквондо WТ бўйича бир қатор йирик халқаро турнирлар бўлиб ўтмоқда. Ушбу стартларда терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этмоқда. Мисол учун, ўтказилган 3 та нуфузли мусобақа якунларига кўра, таниқли спортчимиз, Токио-2020 иштирокчиси Светлана Осипова делегациямиз ғазнасини 3 та медаль билан тўлдирди. Дастлаб 4-5 март кунлари Теҳронда ўтган клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида Осипова кучли учликка кирди. Сўнгра 6-9 март кунлари анъанавий «Фажр» очиқ турнирида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шунингдек, қаҳрамонимиз “Осиё таэквондо федерацияси президенти кубоги” мусобақаси доирасида ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, яна бир бор чемпионлик нашидасини сурди.
Жорий мавсумнинг илк мусобақалариданоқ ўзбек спорти мухлисларини ўз ютуқлари билан хурсанд қилган Светлана Осипова билан боғланиб, унинг таассуротлари ва режалари ҳақидаги суҳбат ташкил қилдик.
– Салом Светлана! Аввало, сизни нуфузли мусобақалардаги юқори натижаларингиз билан табриклаймиз.
- Салом, раҳмат!
– Келинг, аввал ўтган мавсумга назар ташлаймиз. 2021 йилни қандай эслайсиз?
– 2021 йилда қатнашган асосий мусобақаларимдан бири Токио-2020 Олимпиадаси бўлди. Очиғи, ўтган йил мен учун бироз омадсиз бошланди. Чунки йилнинг бошларида оёғимни синди. Мен бундан бехабар, оёғимдаги оғриқни оддий ҳолат деб машғулотларни давом эттирдим. Аслида нима бўлганини март ойида, вазият ёмонлашганида билдим ва бу кейинчалик катта таъсир ўтказди. Аммо шунга қарамай, Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Афсуски, тўрт йилликнинг асосий мусобақасида ўз салоҳиятимни тўла кўрсата олмадим, 100 фоизлик натижа бера олмадим. Спортчининг асосий мақсади ва орзуларидан бири Олимпиада. Менинг орзуим амалга ошди, лекин тўлиқ эмас.
– Қисқа дам олишдан сўнг таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси машғулотларга киришди. Тайёргарлик қисқа вақт ичида бир нечта босқичларга уланиб кетди. Боиси, олдинда жамоа рейтинг очколари ўйналадиган нуфузли турнирларда иштирок этиши кутилганди. Қайси мусобақа сиз учун муҳимроқ бўлганини айта оласизми?
– Ҳа, бу йил биз учун февраль ойининг бошида БААнинг Фужайра шаҳрида ўтган мусобақа билан бошланди. Унда мен олтин медаль билан бирга рейтинг учун қимматли 20 очко қўлга киритдим. Теҳронда ўтказилаётган ушбу мусобақаларда «Турнирнинг энг яхши спортчиси» номига ҳам сазовор бўлдим. Таэквондодаги тизимга кўра, бир йил давомида ўтадиган очиқ чемпионатлар орқали максимум 40 балл тўплашингиз мумкин. Маълум бўлмоқдаки, сўнгги 2 ой ичида максимал очколаримни қўлга киритиб бўлдим ва “Осиё федерацияси президенти кубоги” билан яна 20 балл жамғардим. Йил бошида ўз вазн тоифамдаги рейтингда 26-ўринда эдим. Энди эса сўнгги мусобақаларда қўлга киритган ғалабаларим билан тахминан 11-12-ўринларга кўтариламан.
– Куни кеча нуфузли халқаро мусобақаларда яна бир олтин медални қўлга киритдингиз. Ушбу турнирларни қандай таърифлаган бўлардингиз?
– Бу йил ўтказилган 4 та турнирнинг барчасида мен ўрганган энг муҳим жиҳат бу даянда ўзимни идрок этишимдир. Маълумки, Олимпиададан кейин ҳам, Олимпиада олдидан ҳам карантин туфайли бир қатор халқаро мусобақалар ташкил этилмади. Ўтказган жангларим давомида кураш ва рақобат руҳи, мураббийнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қила олдим. Бу омилларнинг барчаси кейинги йирик мусобақамиз ҳисобланмиш Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришимизда жуда зарур.
– Олдинги мусобақалар билан солиштирганда, рақибларингизнинг тайёргарлик даражаси сезиларлими ёки аксинча? Ва уларнинг қайси бири сизнинг вазн тоифангизда жиддийроқ рақобат туғдирди?
– Рейтингда бўлмаса ҳам, машғулотларда яхши ишламаса ҳам ҳеч қачон рақибни камситмаслик керак. Сиз кўрган машғулот ва даяндаги мусобақа бутунлай бошқа нарса. Яна психологик тайёргарлик жуда муҳим. Ҳатто энг кучли спортчи, жаҳон ва Олимпиада чемпионларида ҳам шундай бурилиш нуқталари бўлиши мумкинки, уларни енгиб ўтиш керак. Турли даражадаги спортчилар иштирок этадиган бундай халқаро мусобақаларда сиз ўзингизни беллашувлардан олдин жиловлай олишингиз керак.
– Олдинда, албатта, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари турибди. Унга ҳам тинимсиз тайёргарлик кетмоқда. Бу йилги Осиё ўйинларидан нима кутяпсиз?
– 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ҳам қатнашганман. Ўшанда катталар ўртасидаги мусобақаларда биринчи чиқишим бўлди. Унгача ўсмирлар ва ёшлар тоифасидаги мусобақаларда қатнашганман. Жакартадаги старт эса мен учун фаолиятимда юқори савиядаги илк йирик мусобақа бўлди. Бу жуда ҳаяжонли. Аммо қўрқувни енгиб, якунда бронза медалини қўлга киритдим. Кейин Осиё ўйинлари ярим финалида тўқнаш келган қозоғистонлик рақибам билан Олимпия ўйинларида ҳам рўбарў келдим ва 9:10 ҳисобида имкониятни бой бердим. Бўлажак Осиё ўйинларида ундан реванш олишга ҳаракат қиламан. Ханчжоу-2022 нафақат мен учун, балки бутун жамоамиз учун жуда муҳим. Мақсадимиз нималарга қодир эканимизни кўрсатиш. Биз ҳаммамиз бунинг учун астойдил меҳнат қиламиз. Ва, албатта, ўз натижаларимизни ошириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой оламиз.
– Келажак учун режалар қандай? Фаолиятингиздаги энг катта орзуингиз ҳақида ҳам улашсангиз.
– Менинг орзуим - кучли рақибларга қарши баҳслашиш ва уларни ютганимдан хурсанд бўлиш. Албатта, бу энг катта мусобақаларда бўлиши керак. Ушбу турнирларда чемпионлик таъмини ҳис этиш, ўзимдаги ҳис-туйғуларни енгиб, фикрларимни назорат қила олишни истайман. Бунинг учун асосий мусобақаларда максимал натижага эришиш, уларга нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиш керак.